Толибон Афғонистонида хотин-қизлар учун ишлаш имконияти йўқ ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлайдиган ҳеч қандай ижтимоий ҳимоя тизими мавжуд эмас.
40 ёшли бева Мурсал ва унинг фарзандлари — жумладан ногирон ўғли — ҳеч қандай ҳимоя ва ёрдамсиз қолган.
Бир пайтлар Мурсал (хавфсизлик мақсадида исми ўзгартирилган) Афғонистондаги аёллар бошпаналаридан бирига мурожаат қилиш имконига эга эди.
Бироқ 2021 йил август ойида Толибон ҳокимиятни эгаллаб олгандан сўнг ғарб давлатлари қўллаб-қувватлаган аввалги ҳукумат даврида фаолият юритган 26 та аёллар реабилитация марказларининг деярли барчаси ёпилди. Бу эса Мурсал каби аёлларни ҳимоядан маҳрум қилди.
“Марҳум эрим [илгариги ҳукумат] миллий армиясида хизмат қилиб юрганда ўлдирилган,уйи йўқ эди” — дейди Мурсал Озодлик радиоси мухбирига. — “Менда қайнотамникидан бошқа борадиган жойим йўқ эди, аммо бу уйни мен "зўравонлик уйи" деб атайман.”
“Қайниним мени таҳқирлайди, калтаклайди. Опамникига борганимда, унинг эри менинг бирга яшашни истамади. Шунинг учун яна қайнотамникига қайтишга мажбур бўлдим.”
2021 йил ёзида Толибон Афғонистон шаҳарларини тезкор эгаллаб ола бошлаган пайтда, кўплаб шелтер - аёллар бошпаналари эшикларини ёпишга мажбур бўлди. Кўп ҳолатларда бошпана ходимлари махфий ҳужжатларни ёқиб юборишган ва бошпанадаги аёллар билан бирга қочиб кетишган.
Афғон полициячиси Ҳирот шаҳрида маиший зўравонликка бағишланган семинардан сўнг чиқиб кетаётган бурқалик аёлларни қўриқлаб турибди. 2009 йил 24 ноябрь.
Толибон Афғонистонда ҳокимиятга қайта келишидан олдин ҳам, аёллар бошпаналари бу консерватив ва патриархал жамиятда қаттиқ танқидларга учрарди.
Маиший зўравонлик Афғонистонда одатий ҳол. Мажбурий никоҳлар кенг тарқалган ва аёллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш даражаси дунёда энг баланд кўрсаткичлардан бири бўлиб қолмоқда.
Озодлик суҳбатлашган шелтер ходимлари Толибон келгач икки танлов олдида қолганликларини айтишди: Фаолиятни давом эттириш - бу ҳолатда Толибон ходимлар ва аёллардан қасд олиши мумкин ёки аёлларни яна зўравон оилаларига қайтариш.
Мурсал ва Афғонистоннинг турли ҳудудларидаги бошқа бир неча аёлларнинг Озодликка айтишларича, бошпаналар улага нафақат хавфсиз жой, балки маслаҳат, ҳуқуқий ёрдам ва зўравонликдан, мажбурий никоҳдан қочмоқчи бўлган аёллар учун бошқа хизматларни ҳам тақдим этар эди.
Бошпаналар йўқолгач, ўзларининг айтишларича, зўравон эрлари ёки қайнота-қайноналари билан яшашдан бошқа иложлари қолмаган — чунки "бу жамиятда аёллар учун бундан бошқача ҳаёт мавжуд эмас."
Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, Толибон ҳокимияти томонидан амалга оширилаётган “аёлларга нисбатан қаттиқ камситиш” “гендер асосидаги таъқиб инсониятга қарши жиноят сифатида баҳоланиши ва гендер апартеиди деб ҳисобланиши мумкин.”
3 июль куни БМТ тарқатган ҳисоботда айтилишича, Толибондан қочган миллионлаб афғон қочқинлари ватанга қайтарилаётгани мамлакатдаги муаммоларни янада кескинлаштирмоқда.
2023 йил сентябридан буён 2,43 миллиондан ортиқ ҳужжатсиз афғон муҳожир — уларнинг учдан бири аёллар ва қизлар — Эрон ва Покистондан Афғонистонга қайтарилган.
“Муҳожирларнинг қайтарилиши Афғонистондаги шундоқ ҳам абгор гуманитар вазиятни янада ёмонлаштирмоқда. Бунинг энг оғир оқибатларини аёллар ва қизлар ҳис қилмоқда,” дейилади БМТ баёнотида.
“Қайтиб келаётганлар гендер асосидаги зўравонлик, барвақт ва мажбурий никоҳ, инсон савдоси ва пул ёки моддий манфаат эвазига жинсий эксплуатацияга дуч келиш хавфи остида. Бу эса асосий ресурсларнинг етишмаслиги билан янада кучаймоқда.”
Кобулдаги йўл четида Толибон олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охунзода тасвири туширилган плакат.
8 июль куни Халқаро жиноят суди Афғонистондаги Толибон раҳбарларига нисбатан ҳибсга олиш буйруғини чиқарди. Суд олий раҳбар Ҳайбатуллоҳ Охунзода ва Олий суд раиси Абдул Ҳаким Ҳаққонийни "аёлларга нисбатан таъқиблар орқали инсониятга қарши жиноят содир этганликда" гумон қилиш учун “етарли асослар” борлигини билдирди.